Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ўзбекистоннинг баъзи оммавий ахборот воситаларида нотўғри маълумотлар тарқатилгани муносабати билан олийгоҳнинг ҳозирги ўқув биноси бузилмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2015 йил, 5 август куни «Тошкент шаҳридаги Инҳа университети фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фундаментал кутубхонасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисида» қарор қабул қилган эди.
Аввал хабар берилганидек, қарорда Тошкент шаҳри, Зиёлилар кўчаси, 13-уйда жойлашган қурилиши якунланмаган объект бузилиши айтилган. Университетнинг аниқлик киритишича, бу олийгоҳнинг ҳозирги ўқув биноси билан ёнма-ён жойлашган объектдир. Университет ўз ўқув корпусини кенгайтиришни режалаштираётгани туфайли янги бино қурилади.
Изоҳ (0)