Япониянинг марказий Фукуи префектурасида тезюрар поезд икки кишини, жумладан, бир болани уриб кетди. «ТАСС» хабарига кўра, ҳозирги вақтда ҳар икки жабрланувчи ҳушсиз ҳолатда.
Ҳодиса Сакаи шаҳридаги темирйўл кесишмасидан бир неча юз метр узоқликда юз берган. Нагоядан Канадзавага қараб кетаётган поезд машинисти йўлда бола борлигини кўриб, фавқулодда тўхташ тизимини ишга туширган. Шу вақт болани қутқариш мақсадида йўлга яна бир киши отилиб чиққан, бироқ поезд тўхташга улгурмаган ва ҳар иккисини ҳам уриб кетган.
Ҳозирги вақтда ҳодиса жойида полиция ходимлари иш олиб бормоқда, темирйўлнинг бу бўлагида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган.