Ўзбек телеканалларида ҳар шанба Миллий кино куни бўлади. Бу ҳақда Кинематография агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилиниишча, “Ренессанс” кино уйида президент ташаббуси билан “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – ватанмиз” шиори остида Республикадаги телеканалларда ҳафтанинг бир кунини Миллий кино куни сифатида белгилаш ҳамда миллий фильмлар намойишини йўлга қўйиш мақсадида анжуман бўлиб ўтди.
Анжуман давомида миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, миллий маданият ва қадриятларни асраш, келгуси авлодларга бус-бутун етказиш, ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида давлат буюртмасига асосан яратилган миллий фильмлар намойишини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Унга кўра, ҳафтанинг ҳар шанба куни Миллий кино куни этиб белгиланди. Бу кунда давлат ва нодавлат телеканалларда фақат миллий фильмлар намойиш қилинади.
“Бу акциямиз халқимизга манзур бўлади. Чунки биз акция орқали, аввало янги фильмларимиз билан бирга, ретро фильмларимизни ҳам халқимизга тақдим этамиз. Томошабинларимиз бу фильмларни соғинишган, албатта. Булар хорижий кинофондлардан қайтарилган ўзбек фильмларининг эталон нусхаларидир. Яна шунга аминмизки, президентимизнинг бу ташаббуси билан томошабинларда ўзбек фильмларига нисбатан қизиқиш янада ортади”, – деган Кинематография агентлиги директори.
Изоҳ (0)