Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров матбуотда эълон қилинган Россия амалдорлари ва давлат компаниялари раҳбарлари қўл соатлари рейтингига муносабат билдирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Матбуотда эълон қилинган мазкур рўйхатга Рамзан Қодиров ҳам киритилган бўлиб, у қиймати 280 минг доллар бўлган GreubelForsey Tourbillon 24 Secondes Contemporain Швейцария соатини тақиб юриши қайд этилган. Нашр маълумотларига кўра, бундай соатлар атиги 33 дона ишлаб чиқарилган.
Чеченистон раҳбарининг қайд этишича, у ёшлигидан соатлар, совуқ қуроллар ва «буюк одамларга тегишли бўлган» буюмларни йиғиб келади ва нашр томонидан сурати кўрсатилган соат унинг коллекциясидаги энг қимматбаҳоси эмас. «Отам, Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмат Ҳожи Қодиров ва қадрли онам Аймани Несиевна томонидан совға қилинган соат энг бебаҳодир. Мен уни жаҳоннинг барча олтин-валюта захираларига ҳам алмашмаган бўлардим», — деди Қодиров.
Рамзан Қодировнинг айтишича, у соатларни жаҳоннинг ўнлаб давлатларида истиқомат қилувчи бадавлат дўстларидан совға сифатида олади, бироқ ўз қўли остидаги одамлардан ҳеч қачон соат ёки бошқа қимматбаҳо совғаларни олмаган, олмайди ва олмоқчи ҳам эмас, чунки, Чеченистон раҳбарининг алоҳида қайд этишича, «уларда бундай имконият йўқ».
«Агар менда соат бўлса, мен буни кўрсатаман. Бундан қувонаман, чунки ҳеч бир одам бу соатлар ноқонуний йўл билан қўлга киритилган, деб айта олмайди. Мен чин кўнгилдан Парвардигорга ишонаман, Қуръон, Сунна, Конституция талабларига қатъий риоя этаман. Виждонан яшаётган инсоннинг яширинишга ҳожати йўқ. Шу сабабли ҳам ҳаёт тарзим шаффоф, халқ кўриб туради. Ҳар доим шундай бўлиб қолади», — деди Чеченистон раҳбари.