Июль ойи охирида Россия ОАВлари томонидан тарқатилган хабарда Москвадаги Шереметьево аэропортида шу йилнинг май ойи охирларидан бери яшаётгани айтилган Япония фуқароси Тэцуя Або аслида журналист эмаслиги маълум бўлди, деб хабар бермоқда «Tjournal.ru».
Хабарда Або журналист эканлиги ва Японияда ёлғон айблов билан қамалиб чиққанини маълум қилиб, уйига қайтиш нияти йўқлиги, унга Россия фуқаролиги берилишида ёрдам кўрсатишни сўрагани айтилган эди.
«ИноСМИ» нашрининг собиқ бош муҳаррири Алексей Ковалёвнинг сўзларига кўра, япон оммавий ахборот воситалари фақатгина Россиянинг «Спутник» ахборот агентлигидаги Або ҳақидаги хабарни қайта чоп этган, Google қидирув тизимига сўров берилганда эса, бундай исмли журналистни «танимаган».
Ковалёвнинг фикрича, Тэцуянинг ҳикояси «бошидан охиригача Россия телеканаллари томонидан тўқиб чиқарилган». Аэропортда яшаётган японнинг шахси номаълумлигича қолмоқда. Унинг ўзи «Звезда» телеканалига журналист эмаслигини, балки блогер ва фрилансер эканлигини маълум қилган.
Изоҳ (0)