Ургут шаҳридаги марказий Темирчилар (собиқ Собир Раҳимов) кўчаси, савдо қоидаларига зид равишда, йўлда тирбандликларни юзага келтирган ҳолда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилувчилар томонидан бозорга айлантириб олинган, дея хабар бермоқда «Самаркандский вестник» газетаси.
«Ваҳоланки, бу ердан икки қадам нарида бутун бир деҳқон бозори ҳувиллаб ётибди», — дейилади газетадаги мақолада. Йўл четини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, полиз экинлари билан савдо қилувчи катта юк машиналари эгаллаб олгани пиёдаларнинг, айниқса, қатнов қисми ёнидаги 54-мактаб ўқувчилари ҳаётини хавф остида қолдирмоқда.
«Ўз вақтида бу ерда автомобилларнинг тўхташини тақиқловчи белги бор эди, бироқ ҳозирда у дарахтларнинг шох-шаббалари ортида қолиб кетган. Бундан ташқари, атроф санитария талабларига зид аҳволда, ҳар ёқда тарвуз ва қовун пўчоқлари, яроқсиз аҳволдаги помидор, бақлажон, қовжираб кетган кўкатларга тўла. Бу аҳвол қачонгача давом этади?», — дейди 54-умумтаълим мактаби директори Анвар Ёрбобоев.
Изоҳ (0)