Жорий йилнинг 27—31 июль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Чанчунь шаҳрида математика фанидан бўлиб ўтган халқаро мусобақада Ўзбекистон жамоаси муваффақият қозонди, дея хабар бермоқда ЎзА. Мазкур интеллектуал беллашувда ўттизга яқин давлатдан олти юздан ортиқ ўқувчи қатнашди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан «Билимлар беллашуви»нинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичларида фаол қатнашган 6—8-синфларнинг 300 ўқувчисидан иборат махсус жамоа шакллантирилди. Улар орасидан танлов асосида саралаб олинган тўрт нафар ўқувчига алгебра, геометрия, эҳтимоллар назарияси элементлари, математик мантиқ бўйича масалалар ишлашнинг илғор услублари ўргатилди.
Натижада Хитойда бўлиб ўтган халқаро мусобақада Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги 17-ихтисослаштирилган мактабнинг 8-синф ўқувчиси Жаҳонгир Тўраев, Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 8-синф ўқувчиси Аббос Сайлиев якка тартибдаги беллашувда кумуш медалга лойиқ топилди. Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Сайдали Муродиллаев, пойтахтдаги 50-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби 7-синф ўқувчиси Роберт Честнов фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Турнирда умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллаб, мусобақа кубогини қўлга киритди.
Изоҳ (0)