Жорий йилнинг Рамазон ойи давомида ўзбекистонлик 670 нафар зиёратчи Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида умра ибодатларини адо этиб, қайтиб келди, дея хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.
Муқаддас сафар давомида ўзбекистонликлар Мадина шаҳрида «Масжид ан-Набавий»дан (пайғамбар масжиди – Ҳарам) 150 метр масофада жойлашган «Файрузиятул Хайр» ҳамда Макка шаҳрида Масжидул Ҳарамдан 2,5—3 км масофада жойлашган «Сафватул Миад» меҳмонхоналарида жойлаштирилди.
Мазкур меҳмонхоналарда зиёратчиларга умра ва бошқа ибодатларини адо этишлари учун барча қулайликлар яратилди. Хоналар телевизор, совитгич ва кондиционер билан жиҳозланди. Макка шаҳридаги меҳмонхонада зиёратчиларнинг масжидга қатнаши учун микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилди.
Зиёратчиларга ифторлик ва саҳарлик вақтларида икки хилдаги миллий таомлар, мева ва турли ичимликлар берилди. Зарурий дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт пунктлари ҳам 24 соат давомида фаолият юритди.
13 июлдан 14 июль кунига ўтар кечаси зиёратчилар Масжидул Ҳарамда «Қадр кечаси», 15 июль куни Хатми Қуръон ибодатларини адо этди. Ҳайит кунлари улар Масжиди Ҳарамда ибодат ва дуолар билан машғул бўлди.
20 июль куни Рамазон мавсуми зиёратчиларининг охирги гуруҳлари Ўзбекистонга эсон-омон қайтди.
Изоҳ (0)