Греция 28 июнь куни чекловчи чораларни жорий этганидан сўнг, Европа банк секторининг умумий капитализацияси 50 миллиард еврога қисқарди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Агентликнинг қайд этишича, Европа банклари акциялари ҳолатини акс эттирувчи Stoxx 600 биржа индекси савдолар чоғида 4,4 фоизга пасайди – бу 2011 йил ноябридан бери кузатилган энг ёмон кўрсаткичдир.
Энг кўп Португалия, Испания ва Италия кредит ташкилотларининг қимматли қоғозлари қиймати арзонлашмоқда. Португалиянинг Banco Comercial Portugues банки акциялари нархи 9,1 фоизга, Испаниянинг Banco Popular Espanol банки қимматли қоғозлари 6,5 фоизга, Италиянинг Banca Monte dei Paschi банки акциялари эса 7,2 фоизга арзонлашган.
28 июнь куни Греция ҳукумати банклар фаолиятини 6 июлга қадар тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. Шунингдек, чет элга маблағ чиқиб кетиши олдини олиш мақсадида капитал ҳаракати устидан назорат жорий этилди. Ҳозирги вақтда Грецияда бир киши бир кеча-кундузда банкоматдан фақат 60 евро ечиб олиши мумкин.
5 июль куни Грецияда кредиторларнинг «катта учлиги» – Еврокомиссия, Европа марказий банки ва Халқаро валюта жамғармаси талаб қилаётган иқтисодий тежамкорлик чораларини жорий этиш зарурати масаласида референдум ўтказилади.
Маълумот учун, Грециянинг кредиторлар олдидаги қарзи 300 миллиард евродан ошиб кетган. Мамлакат бош вазири Алексис Ципраснинг халқаро кредиторлар билан олиб борган сўнгги музокаралари муваффақиятсиз якунланди.
Изоҳ (0)