Қозоғистон полицияси ўлган сайғоқларнинг 119 та шохини арралаб олганликда гумон қилинаётган эркакни қўлга олди, деб хабар беради «РИА Новости» Костанай вилояти ички ишлар бўлими матбуот хизмати маълумотига асосланиб.
Қозоғистонда сайғоқларнинг ялпи равишда нобуд бўлиши май ойининг ўрталарида бошланган эди. Костанай, Акмола ва Актобе вилоятларида 132 мингдан ортиқ сайғоқлар нобуд бўлиб, уларнинг ўлимига пастереллёз юқумли касаллиги сабаб бўлган.
«Гумонланувчининг сўзларига қараганда, у сайғоқ шохларининг бир килограммини энг камида 50 минг тенгега (270 доллар) сотишни мўлжаллаган. Уларнинг жами оғирлиги ўн килограммдан ортиқроқни ташкил этди», — дейилади ИИБ хабарида.
Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда. Гумонланувчига нисбатан жарима ёки ахлоқ тузатиш ишлари, уч йилгача озодликдан чеклаш ёхуд уч йилгача қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.
Изоҳ (0)