Барча юридик расмиятчиликлар якунига етказилса, Қозоғистон 2015 йил охиридаёқ Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)нинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланиши мумкин. Бу ҳақда ЖСТ вакили Мелисса Бегагга таяниб, «Ведомости» хабар берди.
Остона ЖСТга аъзо бўлиш ҳақидаги аризани 1996 йил 29 январда берган эди. 10 июнь куни мамлакатнинг ташкилотга қўшилиш шартлари ҳақидаги музокаралар якунланди. Қозоғистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ҳужжатлар пакети лойиҳаси ташкилот ишчи гуруҳига расман тасдиқлаш учун 22 июнь куни топширилиши керак эди.
«Агар барчаси режалаштирилганидек кетса, унда улар йил охирига келиб, расман ЖСТ аъзосига айланиши мумкин», — деди Бегаг 22 июндаги мажлисда ишчи гуруҳнинг барча 52 аъзоси ҳужжатлар пакетини маъқуллаганини айтар экан.
Қозоғистонга 31 октябрь куни ҳужжатларнинг ички ратификациясини ўтказиш тавсия этилди. Ратификациядан 30 кун ўтиб эса, у расман ЖСТнинг аъзосига айланиши мумкин.
Изоҳ (0)