«Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси ўзбек хонандалари қўшиқлари орасида плагиат қайд этилгани ҳақидаги танқидларга жавоб қайтарди, деб хабар бермоқда «12news.uz».
Аввалроқ, Сардор Раҳимхоннинг 2014 йил якунларига кўра «Йил қўшиғи» деб топилган «Маликам» таронаси чет эл хонандаларидан кўчирилгани, Баҳром Назаровнинг «Пари-пари» қўшиғи арман вокалисти Силва Хакобяндан кўчирилгани хабар қилинган эди.
«Эстрада бирлашмаси ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига, «Менинг юртим» телеканалига ва хусусий радиоканалларга плагиат қўшиқларни эфирга қўймаслик тўғрисида расмий мактуб йўлланган. Бу қарорнинг ижроси ҳам назоратга олинган. Баҳром Назаровнинг «Пари-пари» қўшиғи эфирдан олингач, у қўшиқнинг ҳақиқий муаллифидан олинган расмий рухсатномани тақдим этди ва биз буни телеканаллар раҳбариятига ёзган мактубимизга илова қилдик. Сардор Раҳимхон эса интернет орқали бизни қўшиқнинг ҳақиқий муаллифи билан боғлаб, тегишли рухсатнома олганини исботлагач, биз қўшиқни телевидение ва радиода қўйилишига рухсат бердик», — деди «Ўзбекнаво» бошқарув раиси Одилжон Абдуқаҳҳоров.
Изоҳ (0)