Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси томонидан уяли алоқа абонентларидан тушган мурожаатлар мониторинг ва таҳлил қилинганда, Unitel МЧЖ (Beeline Ўзбекистон) томонидан сўнгги пайтларда бир неча марта радиочастота спектридан фойдаланиш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати бўйича қоидабузарликлар содир этгани аниқланди. Бу ҳақда инспекция расмий сайтида маълум қилинган.
Жумладан, 2014 йил декабрда инспекция 90 та базавий станция компания томонидан ноқонуний фойдаланилаётгани юзасидан улардан фойдаланишни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берган ва компания бу кўрсатма бажарилгани ҳақида маълум қилган. Бироқ такрорий мониторинг вақтида компания Қашқадарё вилоятида 2 та базавий станциядан ноқонуний фойдаланишда давом этаётгани аниқланган.
2015 йил 12 февралда Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳудудида компаниянинг 3G тармоғида содир бўлган авария ҳолати ўрганилганда уяли алоқа хизматларини кўрсатишнинг белгиланган тартиби бузилгани аниқланган, яъни бу ҳолат соат 11:39 дан 12:27 гача чиқувчи овозли қўнғироқлар тўхтатилишига олиб келган.
Абонентлар шикояти асосида маълум бўлишича, 2015 йил 10 февралда абонентга мобил интернет пакет белгиланиши вақти кечиккани, шунингдек пакет берилиши ҳақида SMS билдиришнома жўнатилиши кечиккани туфайли абонент ҳисобидан пул маблағлари асоссиз ечиб олинган.
Шунингдек, компания ўз ходимлари фаолияти устидан назоратни йўлга қўймагани аниқланган. Жумладан, мижозларга хизмат кўрсатувчи ходим ўз хизмат вазифасидан фойдаланиб бир жисмоний шахс фойдаланаётган рақамни ўчириб, уни бошқа бир жисмоний шахсга расмийлаштирилган, кейинчалик у ишдан бўшатилган.
Бундан ташқари, баъзи чиқувчи қўнғироқларнинг тафсилотларда акс этмаслиги, абонентларни тарифлар, хизматларни кўрсатиш тартиби ва ҳисоб−китоблар шаклидаги ўзгаришлар ҳақида етарлича хабардор қилмаслик каби қоидабузарликлар ҳам аниқланган. 2015 йил январь−май ойларида компания устидан шикоятлар ўтган йилнинг шу даврига қараганда 29,7 фоизга кўпайган.
Инспекциянинг қайд этишича, компания томонидан қонунчилик ва меъёрий−ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг бузилиши тизимли хусусиятга эга бўлаётгани қатъийроқ чоралар кўрилишига олиб келиши мумкин. Инспекция бу юзадан компанияга кўрсатма берган ва талаблар бажарилмаган тақдирда Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган.
Изоҳ (0)