Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чимён тоғ-чанғи комплексига олиб борувчи автомобиль йўли таъмирдан чиқарилди. Бу ҳақда «Ўзавтойўл» ДАК расмий сайти хабар берди.
«Ўзавтойўл» ДАК тизимига кирувчи Тошкент вилоятидаги Қибрай ва Бўстонлиқ туманлари йўл хўжалиги пудрат-таъмирлаш фойдаланиш корхоналари томонидан вилоят ҳудудидан ўтувчи 4К-700 «Тошкент—Ўнқўрғон—Ёнариқ» автомобиль йўлининг 2—6-километрлари оралиғида ва 4Р6 «Тошкент шаҳри—Чирчиқ шаҳри—Чимён қишлоғи» йўналишидаги автомобиль йўлининг 56—66 ва 76—92-километрлари оралиғида тўлиқ ва жорий таъмирлаш ҳамда сақлаш ишлари бажарилди. Бу эса Тошкентдан Чимёнга олиб борувчи ҳудудларга тўғри келади.
Асосий мақсад — автомобиль йўлларининг ҳолатидан келиб чикиб, йўлнинг қатнов қисмини яхшилаш, автомобиллар ҳаракатини тўхтовсиз ташкил этиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдир. Шу мақсадда аввало йўлнинг қатнов қисмини яхшиланиб, янги қопламалар ўрнатиш, темир-бетон тўсиқлар ва лотокларни янгилаш, ободонлаштириш, йўл белгиларини янгилаш каби ва бошқа ишлар амалга оширилди.
Қайд этилишича, бу йўналишдаги таъмирлаш ишлари бугун ҳам давом этмоқда.
Изоҳ (0)