Audi’нинг ишланмалар маркази нефтдан фойдаланмасдан октан кўрсаткичи 100 бўлган бензин ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди. Autonews.ru хабарига кўра, e-benzin номини олган модда нефтни қайта ишлаш заводларида олинадиган стандарт ёқилғидан бир қатор кўрсаткичлари бўйича устундир.
Audi’нинг синтетик ёқилғиси олтингугурт ва бензол аралашмаган тоза изооктандан иборат. E-benzin’ни тайёрлашнинг биринчи босқичида Audi’нинг ҳамкори – Global Bioenergies компанияси ўсимлик хомашёсидан изобитулен газини ишлаб чиқармоқда.Шундан сўнг газни суюқликка – изооктанга айлантиришади. Global Bioenergies ҳозирги вақтда e-benzin’да ишловчи моторларни синовдан ўтказмоқда. Қайд этишларича, e-benzin’дан ички ёнув двигателларида фойдаланиш мумкин ва у моторнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларини оширади.
Audi ёқилғининг янги турлари устида кўпдан бери тажрибалар ўтказиб келади. Масалан, A3 Sportback g-tron хетчбеки синтезланган метан – e-gas’да ишлайди. Ҳозирги вақтда бундай ёқилғи Германиянинг Вертл шаҳрида ишлаб чиқарилмоқда.
Audi’нинг яна бир лойиҳаси – e-diesel ёқилғисидир. У махсус сианобактериялар ёрдамида оқова сувлардан олинади – ушбу бактериялар қуёш нури таъсирида этанол ёки дизель ёқилғисини ишлаб чиқаради.
Изоҳ (0)