Лондоннинг «Арсенал» клуби мухлиси Чарли Пирс Буюк Британия қироличаси Елизавета II’дан «тўпчилар» «Астон Вилла»га қарши майдонга тушадиган футбол бўйича Англия кубоги финалига чипта олиб беришни сўради, деб хабар бермоқда Daily Telegraph.
Кассадан чипта сотиб олишга улгурмаган Пирс финал ўйинига кириш мақсадида Букингем саройига мурожаат қилди, бироқ хушмуомала тарзда рад жавобини олди. «Қиролича ўзининг севимли клуби бўлган ‘Арсеналъга қизиқишингиз учун миннатдорчилик билдиради. Сизнинг ўзингиз ва дўстингиз Лео Мерфи учун иккита чипта олиб бериш ҳақидаги мурожаатингиз диққат билан кўриб чиқилди, бироқ афсуски, Зоти Олиялари Сизга ёрдам бера олмайди», − дейилади жавобда. Шунингдек, унга барча яхши тилаклар изҳор қилинган ва барибир ушбу ўйинни кўра олишига умид билдирилган.
Футбол Англия қироличасининг азалий хоббиларидан ҳисобланади. У биринчи марта 1953 йилда «Болтон» ва «Блекпул» ўртасидаги футбол ўйинига тушган.
Англия кубоги финали 30 май куни Лондондаги «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтади. Унда иштирок этувчи жамоалар – «Арсенал» ва «Астон Вилла» мухлислари учун 25 мингтадан чипта ажратилган.
Изоҳ (0)