Қрим футбол бўйича ўз чемпионатини ўтказишга рухсат олди. Бу ҳақда Қрим футбол федерацияси вакили Георгий Ильяковга таяниб, «Корреспондент» хабар қилмоқда.
Ильяков Швейцарияда УЕФА билан ўтказилган музокаралар якунига тўхталиб ўтди: «УЕФА билан музокаралар бўлиб ўтди. Қрим чемпионати ўтказилиши учун бизга рухсат берилди. Бу чемпионатни УЕФА тан олади».
Биринчилик 2015 йилнинг августида бошланиши режалаштирилмоқда. Унда 8 та профессионал жамоа қатнашади. «Таврия» ва «Севастополь» чемпионатда автоматик равишда иштирок этади. Қолган қатнашчилар ҳозирча номаълум.
Июль ойи бошида Қримга УЕФА комиссияси ташриф буюради ва Қрим клублари инфратузилмасини текширувдан ўтказади. Шундан кейин чемпионат иштирокчиларини молиялаштириш масаласи кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, УЕФА ижроқўми Қрим клубларига 2015 йил 1 январидан бошлаб Россия футбол иттифоқи мусобақаларида иштирок этишни тақиқлаганди. Кейинги буйруқларгача Қрим футбол нуқтаи назаридан «алоҳида минтақа» мақомини олди.
Изоҳ (0)