Корея Республикаси пойтахтида апелляция суди мамлакатдаги энг йирик авиаташувчи — Korean Air компанияси собиқ вице-президенти Чо Хён Ани муддатидан аввал озод қилиш ҳақида қарор чиқарди, дея хабар бермоқда ТАСС. У аввалроқ бир йиллик қамоққа маҳкум этилган эди.
Суд ушбу қарорини Чо Хён А муқаддам судланмагани, шунингдек икки нафар фарзандини тарбиялаётгани билан изоҳлади. У муддатнинг беш ойини ўташга улгурган эди.
Нашрнинг эслатишича, ўтган йилнинг 5 декабрида ўша пайтда Korean Air вице-президенти лавозимини эгаллаб турган Чо Хён А Нью-Йорк аэропортида унга компания қоидаларига зид ҳолда, ёнғоқни ликопчага солиб эмас, ўрами билан беришгани учун жанжал чиқарган эди. Натижада самолётдан унга хизмат кўрсатган стюардни туширишган, рейсни эса кечиктиришган эди. Шундан сўнг Чо Хён Ага нисбатан «авиалайнер бортида жамоат тартибига риоя қилмаганлик» бўйича тергов бошланган эди.
Изоҳ (0)