Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрининг Бинагадинский туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган ёнғин юзасидан айбланаётган яна 4 киши қўлга олинди. Улар 4 ой ҳибсда сақланади, деб хабар қилади «Trend.az».
Айбланувчилар орасида қопламалар ишлаб чиқарувчи Global Stone компанияси бош директори Угур Баширов, Global Construction раҳбари ўринбосари Алекпер Аскеров, Бинагадинский тумани хўжалик бўлими собиқ бошлиғи Адолат Ражабов, 2012—2013 йилларда туманнинг Уй-жой коммунал хўжалик бирлашмасида бошлиқ лавозимида ишлаган Низами Оружевлар бор.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Global Construction компанияси раҳбари Мирюсуф Маҳмудов 19 май куни ёнғин юзага келган уйнинг қопламаларида сифатсиз материаллардан фойдаланганлик айби билан 4 ойга ҳибсга олинганди. Эндиликда ёнғин иши бўйича қўлга олинганлар 5 кишини ташкил этмоқда. Уларга ёнғин хавфсизлик қоидаларини бузиш ва ўз мансабини суиистеъмол қилиш айблари қўйилди.
19 май куни юзага келган ёнғин натижасида 15 киши ҳаётдан кўз юмди ва 56 киши жабрланди.
Аввалроқ, Озарбайжон ФВВ раҳбари Камолиддин Гейдаров ёнғин туфайли Ўзбекистонга ишчи ташрифини эрта якунлаганини хабар қилгандик.
Изоҳ (0)