Ўзбекистоннинг биринчи ҳамда иккинчи рақамли теннисчилари – Нигина Абдураимова ва Оқгул Омонмуродова Париж шаҳрида давом этаётган «Катта Дубулға» туркумига кирувчи «Ролан Гаррос» турнири, яъни Франция Очиқ чемпионатининг саралаш баҳсларида омадсизликка учради, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Ҳар икки теннисчимиз саралашнинг илк давра учрашувида кортга чиқиб, рақибаларига йўлни бўшатиб берди. Оқгул Омонмуродова германиялик 23 ёшли Дина Пфиценмаерга 6:1, 5:7, 3:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Абдураимова эса колумбиялик 25 ёшли рақибаси Мариана Дуке-Марино қаршилигини синдира олмади — 1:6, 2:6.
Эслатиб ўтамиз, «Ролан Гаррос» турнирнинг эркаклар ўртасидаги мусобақаси саралаш баҳсларида Ўзбекистоннинг иккинчи ракеткаси Фаррух Дўстов ҳам мағлубиятга учраган эди. У илк саралаш учрашувида австралиялик Люк Saveлига 6:3, 6:7, 4:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Энди асосий тўрда биргина ҳамюртимиз Денис Истомин иштирок этади.
Изоҳ (0)