Кеча Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида шахмат бўйича «Nakhchivan Open-2015» фестивали якунланди. Энг кучли иштирокчилар жам бўлган “A” гуруҳи баҳсларида 17-Жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Гуруҳда биринчи рақамли иштирокчи сифатида қайд этилган Қосимжонов кеча ўтказилган сўнгги 9-тур учрашувида ниҳоят ғалаба қозонди. Бу ҳамюртимизнинг тўққизинчи учрашувдаги учинчи ғалабаси бўлди. Ҳамюртимиз қолган барча олтита партияда дуранг ўйнаган.
Кеча шахматчимиз қора доналарда ўйнашига қарамай, грузиялик Лука Пайчадзени таслим этди. Лекин Рустам Қосимжонов совриндорлар сафидан жой ола билмади. Тўққиз имкониятдан олти очко жамғарган юртдошимиз якунда турнир жадвалида қўшимча кўрсаткичларга кўра 66 иштирокчи орасида 10-ўринни эгаллади. Етти очко тўплаган мезбонлар вакили Элтаж Сафарли мусобақа ғолиби бўлди.
9-турнинг марказий партиялари:
Гадир Гусейнов – Сергей Тивяков (Голландия) 1:0
Элтаж Сафарли – Пуйя Идани (Эрон) 1:0
Леван Пансулая (Грузия) – Абхижет Гупта (Ҳиндистон) 0,5:0,5
Хоу Ифан (Хитой) – Александр Халифман (Россия) 0,5:0,5
Лука Пайчадзе (Грузия) – Рустам Қосимжонов (Ўзбекистон) 0:1
Кучли учлик: Элтаж Сафарли, Гадир Гусейнов − 7 очкодан, Леван Пансулая (Грузия) − 6,5.
Изоҳ (0)