Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида шахмат бўйича «Nakhchivan Open-2015» фестивали қизғин давом этмоқда. Энг кучли иштирокчилар жам бўлган “A” гуруҳида 17-Жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов омадсиз иштирок этяпти, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Гуруҳда биринчи рақамли иштирокчи сифатида қайд этилган Қосимжонов кеча ўтказилган 5-тур учрашувида яна дуранг қайд этди. Бу ҳамюртимизнинг бешинчи учрашувдаги тўртинчи дуранги бўлди. Кеча шахматчимиз оқ доналарда ўйнашига қарамай, рейтингда ўзидан анча пастда турган эронлик Умид Норузини мағлуб эта олмади.
Беш имкониятдан уч очкога эга бўлиб турган юртдошимиз турнир жадвалида қўшимча кўрсаткичларга кўра 66 иштирокчи орасида 27-ўринга пастлади. Бугун ўтказиладиган 6-турда Рустам Қосимжонов оқ доналарда ўзи сингари 3 очкога эга бўлиб турган озарбайжонлик Вугар Расулов билан муносабатларига ойдинлик киритиб олади.
Изоҳ (0)