«Пахтакор» Чемпионлар лигаси доирасида ўз майдонида «Аш Шабоб» жамоасини қабул қилди ва мағлубиятга учради, деб хабар беради Uff.uz.
Учрашув илк дақиқаларданоқ «пахтакорчилар» учун омадсиз бошланди. Бешинчи дақиқада «Аш Шабоб»да қулай имконият юзага келди. Муса ал-Шаммари бош билан якуний зарбани беришда адашмади. Бу вақтда Александр Лобанов фақат томошабин вазифасини ўтаб берди, холос.
Шундан сўнг «пахтакорчилар» олдинга ташланди, Самвел Бабаян эса биринчи бўлимдаёқ ўзгаришлар қилишга киришди. Бироқ Жалолиддин Машарипов ўрнига майдонга туширилган Баҳодир Пардаев ҳам ҳеч нарса қила олмади. Шу тариқа биринчи бўлим «Пахтакор»нинг кичик ҳисобдаги мағлубияти билан якунига етди.
Иккинчи бўлимда «Пахтакор» босимни оширадигандек кўринган эди. Аммо «Аш Шабоб» тартибли ўйин олиб борди ва бўлим ўрталарига келиб кетма-кет ҳужумлар ташкил қилди. 65 дақиқада амалга оширилган мана шундай ҳужумлардан бири Лобанов дарвозаси томон пенальти белгиланиши билан якунига етди.
Абдуллоҳ ал-Аста пенальтини шошилмай, аста ва хотиржам амалга ошириб, жамоасининг иккинчи голини киритди. Шу тариқа «Пахтакор» Чемпионлар лигаси сўнгги турида ўз майдонида мағлубиятга учради ва мусобақадан чиқиб кетди. Эслатиб ўтамиз, бунга қадар «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Насаф» ҳам ОЧЛдаги иштирокини якунлаган эди.
ОЧЛ, ярим финал
«Пахтакор» – «Аш Шабоб»: 0:2
Голлар: Муса ал-Шаммари 5, Абдуллоҳ ал-Аста, 65 (пен)
«Пахтакор»: Александр Лобанов, Александр Мерзляков, Аднан Ораховац, Даврон Ҳошимов, Жавоҳир Соҳибов, Владимир Козак, Кахи Махарадзе, Жамолиддин Машарипов, Шерзод Каримов, Станислав Андреев, Игорь Сергеев.
«Аш-Шабаб»: Муҳаммад Аловайс, Абдуллоҳ ал-Аста, Хассан Муаз, Муҳаммад Авал, Мажид Маршади, Абдулмажид Сулайҳим, Абдулмалик ал-Ҳайбари, Абду Атиф, Саид ал-Досари, Абдулраҳмон Ҳайбори, Муса ал-Шаммари.
Изоҳ (0)