Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари ўртасида «Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси» кўрик-танлови ташкил этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
«Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси» кўрик-танлови Халқ таълими вазирлигининг 2015 йил 16 апрелдаги 119-сонли буйруғи билан ташкил этилди.
Ушбу кўрик-танлов уч босқичда ўтказилиб, тизимда фаолият кўрсатаётган барча инглиз тили ўқитувчилари орасида соғлом рақобат муҳитини яратишга ҳамда улар орасидан ҳақиқий профессионалларни аниқлаш ва рағбатлантиришга қаратилган.
Кўрик-танловнинг биринчи босқичида қатнашишни хоҳловчи инглиз тили ўқитувчилари жорий йилнинг 1 май санасига қадар bestteacher@inbox.uz, bestteacher@xtv.uz электрон манзилларига ариза ва чет тилида «How will I share my experience of taking part in the competition and study in the UK with other teachers?» (Кўрик-танловдаги тажрибам ва Буюк Британия сафари ва ўқишлари бўйича таассуротларим билан қандай ўртоқлашаман?) мавзусида камида 200 та, кўпи билан 250 та сўздан иборат «Эссе» (Essay) жўнатиши лозим.
Уларнинг эсселари ўрганиб чиқилиб, 75 фоиз ва ундан юқори натижа кўрсатган талабгорлар рўйхати шакллантириб, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва барча вилоятлар халқ таълими бошқармаларига жўнатилади.
Республика босқичида энг юқори натижа кўрсатган чет тили ўқитувчилари хорижий давлатларда малака ошириш учун йўлланмага эга бўлади.
Изоҳ (0)