Польша АҚШдан Patriot зенит ракета мажмуаларини сотиб олиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. Польша президенти Бронислав Комаровский АҚШ билан кўп миллиардли ушбу битимни якунлаш учун музокаралар олиб боришини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Segodnya.ua».
«Польша Қуролли кучларини техник модернизация қилиш ва барқарорлигини таъминлаш, самарадор қилиш учун ракетага қарши мудофаа қалқони устувор бўлиши лозим», — деди Комаровский. Patriot тизими самолётлар ва ракеталардан ҳимоя учун мўлжалланган.
Польша мудофаа вазири ўринбосари Чэслав Мрочекнинг сўзларига кўра, бу кўп йиллар ичидаги энг қиммат шартномалардан бири бўлади. Ҳозирча аниқ қиймат маълум қилинмаган, бироқ у 7 миллиард доллар деб тахмин қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия Польша билан чегарадош бўлган Калининград вилоятига «Искандер» ракеталарини жойлаштирган эди.
Изоҳ (0)