Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида теннис бўйича мукофот жамғармаси 10 минг АҚШ долларидан иборат бўлган турнирнинг асосий тўрида иккинчи давра иштирокчилари маълум бўлди. Ушбу мусобақанинг асосий тўрида Ўзбекистондан 7 теннисчи ўз иштирокини бошлаган бўлса, улардан 4 нафари курашни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлди, деб хабар беради Olamsport.com.
Ўзбекистонлик истеъдодли теннисчи Альбина Хабибулина илк даврада беларуслик Виктория Мунни 6:3, 6:2 ҳисобида таслим этди. Турнирда 3-рақам остида таснифланган Влада Якшибварова Ўзбекистоннинг яна бир вакили Амина Мухаметшинадан 7:5, 6:0 ҳисобида устун келди. Полина Меренкова турнирнинг олтинчи тартиб рақамли теннисчиси қозоғистонлик Екатерина Клюевани мусобақадан чиқариб юборди - 6:3 6:2.
Саккизинчи ракетка Арина Фолс эса россиялик Ксения Дмитриевани 6:4, 4:6, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратди. Гўзал Юсупова қирғизистонлик Ксения Палкинага икки сетда ҳам бир хил 1:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Саралаш баҳслари орқали асосий тўрга йўлланма олган Шаҳноза Хотамова турнирнинг 7-ракеткаси россиялик Любовь Васильевага қаршилик кўрсата олмади - 1:6, 0:6.
Изоҳ (0)