2015 йил 15 апрель куни Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Фурқат Халилов ҳамда «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси бошқаруви раиси Светлана Инамова озиқ-овқат тарқатиш дастурига бағишланган тадбирда иштирок этди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
112 тонна тўйинтирилган озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистон бўйлаб 20 000 нафар кишига тарқатишга мўлжалланган ушбу дастур Ўзбекистон ҳукумати ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида USAID томонидан амалга оширилмоқда.
Олтинчи даври бошланган мазкур дастур тақдимотида Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, АҚШ элчихонаси ва Resource and Policy Exchange, Inc. ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
2015 йил ноябрь ойига қадар давом этадиган дастур имконияти чекланган болалар, сил касаллигига чалинганлар ҳамда Ўзбекистондаги бошқа тиббиёт муассасаларидаги беморларнинг овқатланишини яхшилашга ёрдам беради. Қиймати 311 441 АҚШ доллари бўлган мазкур ёрдам 119 маҳаллий муассасалардаги мижозлар, жумладан «Мурувват» ва «Саховат» уйлари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларидаги беморларга қаратилган.
У витамин ва минералларга бой қуритилган сабзавотлардан иборат бўлиб, улардан даволанувчилар учун таом тайёрланади. «Соғлом авлод учун» жамғармаси ушбу озиқ-овқат воситаларини тегишли ташкилотларга етказиб беради ва уларнинг тарқатилишини назорат қилади.
Изоҳ (0)