8 апрель куни Қуролли Кучлар давлат музейида буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг 679 йиллиги муносабати билан «Амир Темур ва Темурийлар тарихига оид билимлар билимдони» мавзусида олий ҳарбий билим юртлари курсантлари ўртасида брейн-ринг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази маълум қилди.
Унда Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти курсантларининг «Темур ворислари», Чирчиқ олий танк муҳандислик билим юрти курсантларининг «Амир Темур авлодлари» жамоаси, Ахборот технологиялари университети қошидаги махсус факультет курсантларининг «Лочинлар» ва Тиббий академия қошидаги ҳарбий тиббий факультет курсантларининг «Ёш ҳарбий шифокорлар» жамоалари ўзаро куч синашдилар.
Брейн-рингда курсантларнинг Амир Темур ва Темурийлар даврига оид билимлари савол-жавоб усули орқали синовдан ўтказилди. Финал натижаларига кўра, Ахборот технологиялари университети қошидаги махсус факультет курсантларининг «Лочинлар» жамоаси ғолибликни қўлга киритишди. Ғолиблар Мудофаа вазирлигининг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Изоҳ (0)