Туркиянинг Самсун шаҳрида дзюдо бўйича Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнир ўз якунига етди. Мусобақанинг сўнгги куни -90, -100 ҳамда +100 кг вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
-90 кг вазн тоифасида татамига чиққан ўзбекистонлик Шерали Жўраев бронза медалига сазовор бўлди. У бронза медали учун кечган баҳсда аввалига озарбайжонлик Турал Сафгулиев, кейин эса литвалик Каролис Баузани мағлубиятга учратди. Иккинчи бронза медали қозоғистонлик Ислам Бозбаевга насиб этди. Голландиялик Ноэл Энд Ван ушбу вазн чемпиони бўлди. Ноэл финалда сербиялик Александр Куколжни мағлуб этди.
-100 кг вазн тоифасида татамига чиққан Рамзиддин Саидов ўзининг иккинчи беллашувида грузиялик Александр Заалишвилига имкониятни бой берди. Ва ниҳоят, энг оғир вазн +100 кг вазнда икки ҳамюртимиз иштирок этди. Болтабой Болтаев иккинчи учрашувида литвалик Мариус Паскевичюсга ютқазиб қўйди. Яна бир полвонимиз илк босқичдаёқ эстониялик Жухан Меттисдан енгилди.
Шу тариқа, терма жамоамиз Самсун Гран-присини 2 та олтин ва 1 та бронза медали билан якунлади. Шунингдек, 1 та 5-ўринга ҳам эга бўлдик. Бу натижа терма жамоамизга умумжамоа ҳисобида 67 давлат орасида 3-ўринни тақдим этди. Биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган Голландия ва Озарбайжон терма жамоалари ҳисобида ҳам худди биз каби 2 та олтин медаль бор.
Эслатиб ўтамиз, Самсун Гран-присининг илк куни бир йўла икки нафар дзюдочимиз Шарофуддин Лутфуллаев (-60 кг) ва Олимпия ўйинларининг икки карра бронза медаль совриндори Ришод Собиров (-66 кг) олтин медалларни қўлга киритишган эди.
Яна бир маълумот, ушбу Гран-при мусобақаси мос равишда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга Рио-2016 олимпиадаси учун муҳим 300, 180 ҳамда 120 рейтинг очкосини тақдим этди.
Изоҳ (0)