2015 йилнинг 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Норвегия Қироллигининг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Лейдулв Атле Намтведтни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар берилди.
Элчи Ўзбекистон Республикаси Президенти номига йўлланган ишонч ёрлиқларини топширди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Норвегия муносабатларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Норвегия бир-бирига Европа ва Марказий Осиёдаги истиқболли шериклар сифатида қараши ҳамда икки томон манфаатига асосланган алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни мувофиқлаштириш имконини яратувчи сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазам ўтказиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)