Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида дунёнинг энг ёши улуғ инсони, уч асрнинг гувоҳи – 135 баҳорни қаршилаётган Тўти момо Юсупова истиқомат қилади, деб ёзади ЎзА.
Кўҳна Жайҳун соҳилида жойлашган Тўрткўл овулининг ёшу қариси Тўти момога ўз онасидай юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Бирор хайрли иш бошлашдан олдин, албатта, момонинг дуосини олади.
– Отамни Тожибой, онамни Улжон дегувчи эди, – дейди Тўти момо бир фурсат тин олиб. – Оилада бир ўғил, икки қиз эдик, мен тўнғичи бўлиб, онамнинг дастёри эдим. Отадан эрта ажралганимиз боис, оиланинг оғир ташвиши, болалар тарбияси онамнинг елкасида қолди. У пайтлар қишлоқда экин-тикин билан, фақат егулик озуқа етиштириш билан тирикчилик қилардик.
Замона зайли билан Тўти момо қисматига ҳар икки жаҳон урушининг оғир дамларини кўриш ҳам ёзилган экан.
– Ҳеч қачон меҳнатдан қочмадим. Далада кетмон чопиб, ариқ қазидим, пахта териб, аравада гўнг ташидим. Тинмадим. Ҳаракатда бўлганим учунми, шифокорга ҳеч ишим тушмади, – дейди момо.
– Момомизнинг саломатлиги жуда яхши, – дейди қишлоқ врачлик пункти шифокори Хонсулув Сафарова. – Ҳафтада икки-уч марта қон босимини ўлчаб, ҳолидан хабар олиб турамиз. Юрак уриши ўрта ёш кишиларникидек бир маромда. Кўз тегмасин, бардам-бақувват.
– Ҳалол яшанг. Шукур қилгувчи бўлинг. Ҳаракатда бўлинг. Ҳеч кимни ноҳақ ранжитманг, кўнгил нозик бўлади, – дейди Тўти момо. – Бундай фаровон, обод кунларнинг қадрига етинг, аҳил-иноқ бўлинг, болаларим. Аҳиллик бор жойда барака бўлади. Юртимиздан тинчлик-хотиржамлик, қут-барака ҳеч қачон аримасин.
Изоҳ (0)