Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Таиландда ташкил этилган «Қирол Кубоги»да иштирок этиб, мусобақани сўнгги ўринда якунлаган эди. Турнирни Жанубий Кореяга қарши мағлубият билан бошлаган Ўзбекистон вакиллари 2-турда мезбонлардан устун келганди. Сўнгги беллашувда эса Гондурасдан енгилди. Ўзбекистон терма жамоаси сафардан қайтиб келгач, «Локомотив» ҳужумчиси Алишер Шоғуломов бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар беради «Stadion.uz».
Савол: Алишер, аввало мусобақа ҳақида тўхталиб ўцангиз.
Жавоб: Мусобақа жуда яхши ташкил этилган, деб бемалол айта оламан. Ташкилотчиликдан тортиб, иштирокчиларгача барчаси жой-жойида. Қолаверса, Таиландда футболни яхши кўришар экан. Стадионларда футбол атмосфераси яққол сезилиб турди. Қисқаси, майдонга тушиб футбол ўйнашингиз учун барча шароитлар яратилган.
Савол: Рақиблар тўғрисида қандай фикрдасиз?
Жавоб: Айтганимдек, мусобақага кучли терма жамоалар таклиф этилган экан. Жанубий Корея ҳам, Гондурас ва мезбонлар ҳам жуда яхши ўйинлар намойиш қилиб берди. Шу қаторда биз ҳам ёмон ўйнаганимиз йўқ. Гондурас физик-тактик томондан кучли экан. Таиланд эса тез ўйини орқали менга манзур бўлди.
Савол: Лекин натижа хунук кўриниш олди. Атиги тўрт иштирокчи орасида сўнгги ўринни эгаллаш кишини ҳайрон қолдиради?!
Жавоб: Ҳа, шунақа бўлиб қолди. Мен ҳар доим фикримни эркин гапиришга ўрганганман. Шунинг учун бу сафар ҳам шахсий фикрим билан ўртоқлашаман. Назаримда мусобақадаги бундай иштирокимизда мураббийларнинг айби бор. Нега? Чунки таркибга футболчи жалб қилиш борасида хатога йўл қўйилганга ўхшайди. Терма жамоага чақирилган аксар ўйинчиларни умуман таниганим йўқ. Улар билан мусобақа давомида танишдим. Бош мураббий ёрдамчиси Алексей Евстафеев ўзи ишлаётган клуб «Нефтьчи»дан кўплаб футболчиларни жалб қилган.
Савол: Уларнинг барчаси учрашувларда майдонга тушдими?
Жавоб: Ҳа, лекин қизиғи, айрим ўйинчилар умуман майдонга тушгани йўқ. Бу расмий мусобақа бўлмаса, уни шунчаки саёҳатга олиб бориб келишдан нима наф? Ундан кўра, клубга ташлаб кецин, жамоасининг асосий таркибидан муқим жой олиб учун машғулотларда тер тўксин. Расмий мусобақа бўлса, футболчини бирорта учрашувда майдонга тушмаслигини тўғри тушуниш мумкин, аммо ўртоқлик мақомидаги мусобақаларда ҳам захирада қолиб кетиш ғалати эмасми? Йўқотилган вақт футболчининг зиёнига хизмат қилиши ҳақиқат-ку!
Савол: Терма жамоага таклиф қилинган ўйинчиларни танимаслигингиз бу мураббийларни айблашга сабаб бўлмайди. Алексей Евстафеев қўл остидаги ўйинчиларни сиздан яхшироқ билади.
Жавоб: Албатта. Фикримни тўғри тушунинг, мен уларни кучсиз демоқчи эмасман, лекин «Бунёдкор», «Пахтакор», «Насаф» каби жамоаларда улардан кучлироқ ўйинчилар бор. Битта фактга реал қараш керак: «Нефтьчи» ўтган йили олий лигада нечанчи ўринни қўлга киритди? Шуни ҳам ҳисобини олиш керак эмасми?
Савол: Ўзингиз мусобақа давомида нечта учрашувда майдонга тушдингиз?
Жавоб: 1-турда Жанубий Кореяга қарши ўйинда майдонга тушдим. Қолган учрашувларда захирада қолдим.
Савол: Балки шунинг учун мураббийни айблаётган бўлсангиз керак?
Жавоб: Йўқ. Чунки захирада қолиб кетганимдан жахлим ҳам чиқмади, алам ҳам қилмади, хафа бўлганим ҳам йўқ. Демак, корейслар билан ўйинда ўзимни кўрсата олмаганман ёки мураббийлар қолган беллашувларда майдонга мендан кучлироқ ҳужумчиларни туширган. Футболчи захирада қолиб кетгани учун айбни мураббийдан эмас, ўзидан излаши лозим. Мен ҳам шундай ўйинчилар тоифасига кираман. Юқоридаги фикрларимни бунга боғлиқлик жойи йўқ.
Савол: Аслида Алексей Евстафеев билан бир неча йиллардан буён яхши муносабатда эмаслигингизни эшитганмиз.
Жавоб: Тўғри, бунга бир қатор сабаблар бор. Хусусан, Алексей Владимирович ортимдан яхши гап гапирмаган. Шунинг учун муносабатимиз илиқ эмас. Аниқроғи, у кишини менга бўлган муносабати яхшимас. Бир нарсада адашманг, мен Шуҳрат ака Мақсудовни жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. Худди акамдай бўлиб қолган. Аниқроғи, у шогирдларига акадек муносабатда бўлади. Ҳақиқий ватанпарвар. Юрти учун жонини беришга ҳам тайёр инсонлар тоифасига киради.
Савол: Футболчи мураббийни айблаши одоб доирасига кирмайди?! Қолаверса, сиз ҳали кўпни кўрмаган ёш ўйинчисиз?!
Жавоб: Биламан. Мен ҳеч қачон клубдан-клубга ўтганимда мураббийларим ҳақида ёмон фикр айтмаганман. Қолаверса, терма жамоаларга чақирилмаганимда ҳам устозларим ортидан ёмон гап айтмаганман. Қайтараман, мен Шуҳрат ака ҳақида индаганим йўқ. Ваҳоланки, биттагина ўйинга тушдим. Майдонга туширишни бош мураббий ҳал қилади. Агар мураббийларни ёмонлайверганимда мени захирада қолдирган Шуҳрат акадан айб излардим. Лекин юқорида таъкидлаганимдек, бу инсон менга худди акадек. Таиландга бориб захирада қолиб кетган бўлсам, бу менинг айбим. Бош мураббийнинг эмас! Мақсудовга ҳеч қандай хусуматим йўқ.
Савол: Олимпия терма жамоасида Шуҳрат Мақсудовнинг ўрни қандай? Яъни барча қарорларни ўзи қабул қиладими?
Жавоб: Билмадим. Сабаби, мураббийлар ўртасидаги гап-сўзлардан хабарим йўқ. Аммо тушунишимча, Алексей Евстафеев ҳам сўнгги қарорларни қабул қилишда фаоллик кўрсатади. Аниқроғи, у ҳам кўп нарсаларни ҳал қилади.
Савол: Гарчи ўша вақтда олий лига клубининг асосий таркибида ўйнаган бўлсангиз-да сиз на ўсмирлар ва на ёшлар термаси билан жаҳон чемпионатида иштирок этмадингиз. Бу ҳам ўша терма жамоаларнинг мураббийлари орасида Алексей Евстафеев борлиги билан боғлиқми?
Жавоб: Бундай демаган бўлардим, аммо бу ҳам сабаб. Айтмоқчиманки, ўша вақтда таркибда мендан кучли ҳужумчилар бўлгандир ва мураббийлар уларга ишонч билдирган. Бироқ Владимирович билан муносабатимиз ҳам термага чақирилмаганимга қандайдир сабаб бўлган бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Ўйлашимча, ба табиий ҳол.
Савол: Айтингчи, Олимпия терма жамоамиз шу мураббийлар билан кўзланган мақсадга эришиб, Олимпиада йўлланмасини қўлга кирита оладими?
Жавоб: Мураббийларга баҳо бериш ниятим йўқ. Ким қандай мутахассис эканлигини барча билади. Ҳозир бир аниқ фикрни айтаман: мен терма жамоада мураббийлардан кўра, футболчиларга кўпроқ ишонаман. Сабаби, терма жамоада кучли, иқтидорли ўйинчилар жуда кўп. Улар билан бемалол кўзланган мақсадга эришса бўлади. Фақат футболчиларни ўйинларга тўғри тайёрлаб, тўғри йўналиш бериш керак. Шундагина нимагадир эришиш мумкин.
Савол: Бу интервьюдан кейин сизни бошқа терма жамоага чақирмасликлари мумкин. Шу ҳақида ўйлаб кўрдингизми?
Жавоб: Албатта ўйлаб кўрдим. Сиз айтган вазиятга тушишимни олдиндан ҳис қилиб турибман. Лекин шундай бўлса-да, ўз фикримни билдиришни лозим деб топдим. Агар терма жамоага бошқа таклиф қилишмаса, ҳеч кимдан хафа бўлмайман. Мураббийлардан ҳам гина қилиб ўтириш ниятим йўқ. Шунинг учун фикримни айтдим-қўйдим.
Терма жамоада ўйнаш ҳар бир футболчи учун фахр, чунки бу юрт шарафини ҳимоя қилиш деганидир. Бунинг учун, аввало, шунга лойиқ бўлиш керак. Мени таклиф қилишмаса, демак, ўз устимда кўпроқ ишлашим лозим бўлади. Бу таркибда мендан кучли ҳужумчилар бор, деганидир. Шунинг учун ҳозирданоқ машғулотларда ишлаб, «Локомотив»да ўзимни кўрсатиб, 25 февраль куни старт оладиган Чемпионлар лигасида жамоамга ёрдам беришни режалаштиряпман. Қолганини вақт кўрсатади. Ҳар қандай мураббий қўл остида кучли футболчи тўп суришини истайди. Бунга лойиқ бўлсам, таклиф бўлиши аниқ.
Савол: Алексей Евстафеев ҳақида шунча гапни гапиргандан кўра, узоқ йиллик кўринмас адоватни йўқ қилиш учун ўзи билан яккама-якка гаплашиб олсангиз бўлмайдими?
Жавоб: Кучли мураббий қўл остидаги футболчилар билан ҳар қандай ҳолатда ҳам тил топишиши керак. Шогирдининг кўнглига йўл топса, ҳаммаси яхши бўлади. Чунки ҳамманинг характери ҳар хил. Мураббийликнинг масъулияти ҳам шунда аслида. Алексей Евстафеев билан гаплашиб олишим учун аввал у мен билан гаплашишни хоҳлаши лозим. Акс ҳолда вазият шу ҳолатда тураверади.
Савол: Бугунги интервьюдан кейин ёш, иқтидорли ҳужумчи яқин келажакда миллий терма жамоада ўйнаш имкониятидан маҳрум бўлиш эҳтимоли бор. Сабаби, тан олайлик, одатда мураббийларимиз ўзлари ҳақида танқидий фикрларни билдирган ўйинчиларга яхши муносабатда бўлмайди. Шундан келиб чиқиб айцак, бугунги гапларингиздан келажакда ҳам афсусланмайсизми?
Жавоб: Йўқ. Нега афсусланаман?! Айтганимдек, терма жамоада ўйнаш учун аввало унга лойиқ бўлиш лозим. Клубда ўзимни кўрсацам, нега мураббийлар мени терма жамоага таклиф қилмасин?! Агар бугунги интервью сабаб терма жамоадан бошқа таклиф олмасам ҳам хафа бўлмайман ва гапларимдан афсусланмайман. Албатта, терма жамоада ўйнаш шараф, аммо наилож. Клубда ўзимни кўрсацам, мухлислар ким аслида кимлигини билиб олади. Қолгани тақдир!
Савол: Футболчини клубдан олиб, ўртоқлик мақомидаги ўйинларда ҳам майдонга туширмаслик ўйинчининг клубдаги фаолиятига салбий таъсир қилиши мумкин-ку?! Яъни клубда ҳам, терма жамоада ҳам ўйин амалиётига эга бўлмаса, бу унга таъсир қилиши аниқ-ку!
Жавоб: Тўғри, аммо футболчи учун клуб терма жамоа олдида иккинчи даражали саналади. Терма жамоада тўп суриш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Сиз айтган фикрларда ҳам жон бор. Аксар ўйинчилар бу ҳақида ўйлаган бўлса ҳам керак. Бироқ терма жамоа бу Ватан дегани. Ватан, юрт шарафини ҳимоя қилиш муқаддасдир!
Савол: Энди яна «Қирол Кубоги»даги иштирок ҳақида икки оғиз. Жанубий Кореяга қарши баҳсда яхши ўйнадик дейилди-ку, аммо натижа улар фойдасига. Буни қандай тушиниш керак?
Жавоб: Оддий. Бизга омад кулиб боқмади. Рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун жуда кўп имкониятларга эга бўлдик. Хусусан, ўзим бош билан дарвозани нишонга олгандим, тўсинга тегиб қолди. Ҳужумларимиз голга айланишига яқин қолганида кутилмаган иккита қизил карточка режаларимизни ўзгартириб юборди. Ҳозир кўпчилик футболчиларни айбламоқда. Мен ундай демаган бўлардим. Уларнинг ҳар иккиси ҳам атайин қилгани йўқ. Шунчаки, ўйинда бўлиб турадиган ҳолатлар содир бўлди. Ҳамма инсон, адашади.
Савол: Учрашувдан кейин Тоҳирга қандай муносабатда бўлинди?
Жавоб: Ҳамма унинг кўнглини кўтарди, қўллаб-қувватлади. Тоҳирнинг ўзи эса атайин қилмаганини айтиб, барчадан кечирим сўради.
Савол: Корейсларнинг ўйини ҳақида қандай фикрдасиз?
Жавоб: Корейсларнинг мураббийи кучли эканлиги сезилиб турди. Футболчиларнинг савияси яхши, аммо биз улардан кучлироқ эдик. Шунчаки, бизга тактик томондан тўғри йўналиш берилганида, албатта, ютардик. Рақиб айнан шу жиҳат, мураббийнинг кучлилиги эвазига биздан устун келди.
Изоҳ (0)