Тошкентда чақалоғини сотиб юборган она фарзандини қайтариш учун айбига иқрор бўлди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ ва бурч» журналига асосланиб «Uz24.uz» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ёш оила Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ижарага уй топиб, яшай бошлайди. Эрнинг вақти иш қидириш билан ўтаверди. Табиийки, оилани моддий таъминлаш оғирлаша бошлади. Бу маҳалга келиб хотинининг ой-куни яқинлашиб қолганди. Шу алфозда экан, қўшниларидан бири бўлган аёл қиз бола асраб олмоқчи эканини айтиб қолди. Қалб кўзини парда қоплаб олган эр-хотин туғилажак фарзандини ўша аёлга сотишга қарор қилишди.Осонгина пул топишни ўйлаб, унинг эшигини қоқиб боришди. Эр-хотин бола туғилганидан кейин барча ҳужжатларни расмийлаштиришларини таъкидлашди. Кўп ўтмай қўшни аёл билан оила бекаси поликлиникага йўл олишди. Туғилажак фарзанднинг қиз эканлиги маълум бўлди. Харажатларга тайёр турган аёлдан олдиндан 600 минг сўм олиб, кунларини бинойидек ўтказа бошлашди.
Ой куни етгач, келинни «тез ёрдам» машинасида Тошкент тиббиёт академияси қошидаги туғруқхонага олиб боришди. Дори-дармон учун қўшни аёлдан яна 200 минг сўм олинди. Қизалоққа меҳри уйғонган она энди қизини бериб юборишга қаршилик қила бошлади. Лекин анчагина пул олиб, ишлатиб юборилганди.
Вақт ўтиб она ухлай олмайдиган бўлиб қолди. Бир неча бор ўзини ўлдирмоқчи бўлди. Лекин у фарзандини яна қўлга олиш учун айбига иқрор бўлиб, прокуратурага ариза билан мурожаат қилди. Илгари бундай ҳолат ҳеч қачон бўлмаганини баён қилиб,турмуш ўртоғи бола учун 1,5 миллион сўм олганини, унга ҳамфикр бўлиб янглишганини ҳам яширмади.
Бироқ ғишт қолипдан кўчган, улар тузатиб бўлмас хатони содир этиб бўлганди. Ота-оналик масъулиятидан қочган эр-хотин суднинг қора курсисида ўтирибди. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди биносига йиғилганлар ҳам бу ҳодисани ақлига сиғдира олмаяпти. Бир тарафда қўшни аёл ўз фарзандидек бўлиб қолган қизчасидан айрилиб қолишдан чўчиб, ҳимояланади: қиз асраб олмоқчи бўлганини, эр-хотин ўз болаларини олишни, моддий томондан қийналиб қолишганини, уни туғиб ўстиришга имконлари йўқлигини айтишганини, ҳозир чақалоқ соғлом, жуда яхши ўсаётганини қайта-қайта такрорлайди.
Суд эр-хотиннинг жиноий қилмиши одам савдоси сифатида ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади. Уларнинг айбига тўлиқ иқрорлигини, илгари судланмаганини ЖКнинг 55-моддасига кўра жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб, жиноятни ғаразгўйлик ва паст ниятларда содир этганлигини ЖКнинг 56-моддасига асосан жазони оғирлаштирувчи ҳолат, деб баҳолади. Суд она содир этган жиноят ўта оғир жиноятлар туркумига кирса-да, унинг аёл киши эканини, қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлигини, пушаймонлигини, мазкур жиноятни очишда ёрдам берганини инобатга олди. Судланувчилар турли муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Қўшни аёл тарбиясидаги қизнинг тақдирини ҳал қилиш Чилонзор тумани Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими қошидаги болаларни муҳофаза қилиш бўлими зиммасига юклатилди.
Изоҳ (0)