16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини муттасил ошириш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратди:
Аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини муттасил ошириш билан боғлиқ масалалар доимо эътиборимиз марказида бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.Таълим-тарбия ва тиббиёт муассасаларини янада ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бугунги кун талаблари асосида жиҳозлаш даражасини ошириш, ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш, аҳолини сифатли ичимлик суви ва замонавий санитария тозалаш тизимлари билан таъминлаш биз учун устувор йўналиш ҳисобланади.
Ушбу мақсадлар учун давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 60 фоизи йўналтирилади. Бу ўтган йилга нисбатан 4 триллион 100 миллион сўм ёки 22,5 фоиз кўп демакдир. Жумладан, таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантиришга 34,3 фоиз, соғлиқни сақлаш тизимига 14,2 фоиз маблағ сарфланади.
Жорий йилда кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга, муҳтарам фахрийларимиз ҳаётига дахлдор муаммоларни ҳал этишга алоҳида аҳамият қаратилади.
Изоҳ (0)