Самарқанд вилоятида бир неча марта судланган эркакнинг оиласидаги келишмовчиликлар аянчли фожиа билан якунланди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқ» газетаси.
Навбатдаги жанжаллардан бирида ўғил онасининг ёнини олиб отаси билан тортишганини ҳазм қила олмаган эркак ошхонадан пичоқни олиб унга ташланди. Хотинининг қаршилиги фойда бермади, у ўғлининг бир неча жойига пичоқ санчиб, ўлдирди. Кейин эса хотинини ҳам пичоқлаб, умрига зомин бўлди.
Қотил дастлаб ўзини ҳам ўлдирмоқчи бўлди, бироқ бундай қилолмади. Эртами-кечми, жиноят ошкор бўлишини билгани учун ота-онасининг ҳовлисига бориб, уларга бўлган воқеани айтиб берди. Судда гувоҳлар бу оилада бошидан жанжаллар кўп бўлиб турганини маълум қилган. Суд ҳукмига кўра жиноятчи узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)