Қашқадарё вилояти Ғузор туманидан бўлган ихтирочи қуёш энергияси билан ҳаракатланадиган универсал трактор моделини яратди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ихтирочи Жавлонбек Дўстёров эндигина 11 ёшни қарши олган, деб хабар беради «Нигоҳ» ёшлар ахборот портали.
«Ушбу трактор серқуёш юртимизда ва Марказий Осиё мамлакатларида, айниқса, қўл келади, — деди Жавлонбек. — Ёнилғи сарфламайдиган трактордан пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги ўсимликларига ишлов бериш жараёнида фойдаланиш мумкин. Унинг устки қисмини яратишда тошбақа косасидан андоза олдим. Чунки мен яратган трактор қуёш энергияси ёрдамида ҳаракатланади, бундай устки қисмнинг сояси бўлмайди, энергияни тез ва кўп тўплашга имкон беради».
«Шогирдим яратган тракторнинг ишлаш жараёни оддий, — деди устози Сайдулло Қорабоев. — У худди қуёш энергиясини электр энергиясига айлантирадиган мосламага ўхшайди. Бу ихтиронинг бугунги кундаги аҳамияти, дизайни ва техник талаблари борасида жиддий бош қотиряпмиз. Маълумки, ҳозирда қуёшдан олинадиган энергия билан боғлиқ лойиҳалар кўпроқ амалиётга татбиқ этилгани маъқул. Сабаби қуёш энергияси экологияга хавф солмайди, шу билан бирга, камхаражат эканини ҳам инобатга олиш керак».
Жавлонбек шу йил «Соғлом бола — буюк ишларга қодир» шиори остида ўтказилган «Йилнинг энг ёш ихтирочиси» республика кўрик-танловида қатнашиб, «Энг ёш иштирокчи» номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.
Изоҳ (0)