Қашқадарё вилояти Косон шаҳрида яшовчи фуқаро ўз уйида яширин цех ташкил этиб, қўлбола усулда ароқ ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғуллана бошлади. Алкоголли маҳсулотларни сотишда унга туманда истиқомат қилувчи икки фуқаро ёрдам берди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» газетаси.
СВОЖЖДЛҚК департаментининг Қарши туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида тумандан бўлган икки фуқаро Damas русумли автомобилда қалбаки акциз марка ёпиштирилган 300 дона «Зелёний город» номли ароқ маҳсулотларини 1 миллион 50 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди. Алкоголли ичимликлар билан автомашина ашёвий далиллар сифатида олиб қўйилди.
Қўлга тушган фуқаролар суриштирув жараёнида ароқ маҳсулотларини Косонда яшовчи фуқародан олгани ҳақида кўрсатма берди. Кўрсатма асосида косонлик фуқаронинг уйи кўздан кечирилиб, давлат стандартига жавоб бермайдиган 754 шиша ароқ сотиш учун сақлаб қўйилгани аниқланди.
Бу ишга дахлдор бўлган юқоридаги уч фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан уларга тегишли жазо тайинланди.
Изоҳ (0)