Бугун, 3 январь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги баҳсларида иштирок этиш учун Дубай орқали Австралиянинг Сидней шаҳрига етиб боради. Дубай шаҳрида бир кун бўлган Миржалол Қосимов шогирдлари кеча кечки пайт енгил машғулотларни ўтказди, деб хабар беради «Stadion.uz».
Эртадан Осиё Кубогига тайёргарлик бевосита Сидней шаҳрида давом этади. 16-маротаба бўлиб ўтадиган мусобақа ўйинлари Австралиянинг бешта шаҳри — Сидней, Ньюкасл, Брисбен, Канберра ва Мельбурнда бўлиб ўтади. 9 январь куни турнирнинг очилиш учрашуви Мельбурнда Австралия ва Қувайт терма жамоалари ўртасида ўтказилади.
Осиё Кубогининг “B” гуруҳидан жой олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса илк учрашувини 10 январь куни КХДР терма жамоасига қарши ўтказса, 2-турда Хитой (14 январь) ва 3-турда Саудия Арабистони (18 январь) терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Яна бир маълумот, Ўзбекистон терма жамоаси 6 январь куни Сидней шаҳрида Малайзия чемпиони «Жоҳор Дарул Таъзим» клубига қарши ўртоқлик ўйинини ҳам ўтказади. Мазкур учрашув Миржалол Қосимов жамоаси учун Осиё Кубогидан олдинги сўнгги ўртоқлик учрашуви бўлади. Ўйин Сидней шаҳридаги «Маркони» стадионида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)