Миср ҳукумати Голливуд режиссёри Ридли Скотт томонидан суратга олинган «Кетиш: худолар ва шоҳлар» (Exodus: Gods and Kings) фильми прокатини тарихий ноаниқликлар сабаб тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда «Ал-Арабия» телеканалига таяниб, «Kun.uz» хабар бермоқда.
Аввалроқ, фильм бошқа бир араб мамлакати — Марокашда тақиқланган эди.
Миср маданият вазири Ғабир Асфурнинг сўзларига кўра, фильм хатоларга тўлиб ётибди, хусусан, унда Мусо пайғамбар ва яҳудийлар Мисрдаги эҳромларни қургани ҳақида ҳикоя қилинади.
«Бу фильм текширилган тарихий фактларга тўлиқ зид келади. Бу — сионистлар фильми», — деди Миср маданият вазири. Асфурнинг сўзларига кўра, «тарихда сионистик назарда маълум хатоликлар бор, шу сабабли ҳам Миср ушбу фильмни тақиқлашга қарор қилган».
Маълумот учун, «Кетиш» фильми насронийларнинг муқаддас китоби — Инжилга асосланган бўлиб, унда Мусо пайғамбар ва яҳудий халқининг Миср асирлигидан озод қилиниши намойиш этилади. Эътиборли томони, фильм АҚШ жамоатчилиги ва кинотанқидчилари томонидан ҳам кескин танқид билан кутиб олинмоқда.
Изоҳ (0)