Давлат божхона қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ‘Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида’ ПҚ-2164-сон Қарори ижроси юзасидан божхона органларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар» ҳамда «Давлат божхона қўмитаси томонидан Интернет тармоғи орқали кўрсатилаётган интерактив хизматлар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бошқармаси бошлиғи А. Саидов иштирок этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, жаҳон амалиётида умум қабул қилинган бизнесни юритиш шароитларини баҳолаш мезонлари тизимини жорий этиш ва шу асосда Ўзбекистоннинг халқаро рейтингини янада оширишни таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Анжуманда божхона органлари томонидан кўрсатилаётган интерактив хизматлар ҳақида журналистларга батафсил ахборот берилди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда божхона соҳасининг турли йўналишлари бўйича ахборотларни реал вақт миқёсида йиғиш, назорат ва таҳлил қилиш, қайта ишлашга мўлжалланган 24 та ахборот дастури жорий қилиниб, уларнинг барчаси Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига бирлаштирилди, 14 таси давлат ахборот тизими сифатида рўйхатдан ўтказилди.
Тадбирда журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.
Изоҳ (0)