12 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг – «Интернетга ин қурган ‘ўргимчаклар’» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита расмий сайти.
Дастлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини самимий қутлади. Сўнгра, муаллифнинг – «Интернетга ин қурган ‘ўргимчаклар’» китоби хусусида тўхталиб, асарнинг бугунги кун глобаллашув жараёнида турли хил диний экстремистик оқимларга қарши курашишда ва ёшларимизни бундай офатдан сақлаб қолишда жуда муҳим манба эканини такидлаб ўтди.
Ушбу асар исломшунослар, диншунослар, тадқиқотчи олимлар, айниқса талабалар учун жуда зарурий қўлланма бўлгани, асарни юртимиздаги барча ёшдаги кишилар асосан, талабалар мукаммал ўқиб, уқиб олишлари лозимлигини алоҳида айтиб ўтди.
Тадбирда кириш сўз билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур давом эттирди. У киши интернетнинг ижобий ва салбий оқибатлари, ундан қандай фойдаланиш кераклигини ва ҳозирги кунда террорчи гуруҳларнинг фитналаридан сақланиш ҳамда уларнинг кирдикорларидан хабардор бўлиш учун «Интернетга ин қурган ‘ўргимчаклар’» китобини хар бир инсон, хусусан Республикамиздаги барча талаба ёшлар ўқиб ўрганишлари лозимлигини қайта-қайта такрорлаб ўтдилар.
Сўнгра, Тошкент ислом университети ректори, профессор Р. Абдуллаев сўзга чиқиб, муаллифга илмий изланишларида улкан зафарлар тилаган ҳолда, интернетни қабоҳат қуроли қилиб олган кимсалар сони бениҳоя кўплиги, у кимсалар интернетдан ўзларининг бўзғунчи ғоялари, ботил этиқодларига бошқаларни эргаштириш каби ёвуз мақсадлари йўлида фойдаланиб келаётгани ва бу таҳдидлардан сақланиш учун «Интернетга ин қурган ‘ўргимчаклар’» китоби барча учун асосий манба бўлиб хизмат қилишини айтиб ўтди.
Шунингдек тадбирда, Тошкент ислом институти талабалари ҳам ушбу асардаги айрим ғаламисларнинг интернетдаги фаолият услуби, қинғир ишлари ҳақида кўргазмали материаллар ва «Зулматдан нур излаб....» мавзусидаги видеоролик орқали тадбир иштирокчиларига бу асар ҳақида батафсил малумотлар бериб ўтишди.
Тадбирда «Мовароуннаҳр» нашриёти ходими Илҳом Марупов сўзга чиқиб, ҳозирги ахборот асрида жуда ҳам хушёр ва сергак бўлиш лозимлиги, террорчи ташкилотлар замонавий воситалар, хусусан, дунё ўргимчак тўри дея этироф этилган интернет орқали ҳам фаолият олиб бораётганини такидлаб, интернетдан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз бу борада ўта эҳтиёткор бўлишлари лозимлигини айтиб ўтди. Шундай экан, радикал кайфиятдаги ёзувларнинг асл башараларини таниш учун, аввало «Интернетга ин қурган ‘ўргимчаклар’» китобини ўқиш лозимлигини такидлаб ўтди.
Шу жумладан тадбирда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдураззоқ Юнусов, Тошкент ислом университети проректори профессор Зоҳиджон Исломов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадбобур Йўлдошев, Кўкалдош ЎМИБЮ мудири Ҳомиджон Ишматбеков, Тошкент ислом университети магистранти Элёр Алимқулов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири Абдулҳамид Турсуновлар сўзга чиқиб, дунёнинг турли бурчакларида бўлаётган нотинчликлар, у ерларда минглаб бегуноҳ одамларнинг талафот кўраётгани ва қурбон бўлаётгани ҳақида гапириб ўтишди.
Айниқса, ҳозирги ахборот асрида жуда ҳам хушёр ва сергак бўлиш кераклиги, сабаби, террорчи ташкилотлар фаолиятлари замонавий воситалар, хусусан, интернет орқали ҳам фаоллашиб бораётганини таъкидладилар. Ва бунга қарши курашишда ушбу китобнинг нақадар кенг қамровлилиги, бугунги кунимиздаги долзарб мавзуларни ўз ичига олгани ва талаба ёшларимизга оқ-у қорани таниш учун ажойиб қўлланма бўлганлиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтиб, муаллифга келажакдаги илмий-ижодий ишларида улкан зафарлар тиладилар.
Изоҳ (0)