2014 йил 23 декабрь куни Республика киночилар уйида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига кўра, «5-студия» Ёшлар тажриба ижодий уюшмасида «Соғлом бола йили» давлат дастурини бажариш юзасидан тасвирга олинган «Зумраша» болалар юмористик киножурнали тўпламлари оммавий ахборот воситалари вакилларига намойиш этилди, деб хабар бермоқда «Ўзбеккино» миллий агентлиги.
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Жаҳонгир Қосимов Давлат дастурини бажариш юзасидан кўп ишлар қинаётгани, жумладан, «Зумраша» болалар юмористик журналининг 12 та тўплами тайёрлангани, ўзбек халқ эртаклари асосида «Ойқиз эртаги» бадиий фильми ва «Нўхат полвон» тўлиқ метражли мултипликацион фильми ишга туширилганини қайд этди.
«‘Зумраша’ болалар юмористик киножурнали ёш сценарийнавислар, кинорежиссёрлар, кинооператорлар ва бошқа ижодкорлар учун ўзига яраша тажриба мактаби бўлди ва Ўзбекистонда болалар киносини ривожлантириш учун туртки вазифасини ўтайди», – деди у.
Ж. Қосимов «Зумраша» киножурнали тўпламлари мактаб ўқувчиларининг кишқи таътилига совға бўлганини, улар Киночилар уйи ва Алишер Навоий номидаги кино саройида жорий йилнинг 27 декабридан 2015 йилнинг 12 январига қадар болажонлар учун намойиш этилишини билдирди.
Шундан сўнг «Зумраша» киножурналининг «5-студия» Ёшлар тажриба ижодий уюшмаси, илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси ва «Қорақалпоқфильм» киностудиясида тасвирга олинган 4 та тўплами оммавий ахборот воситалари вакилларига намойиш этилди ва киножурнал ижодкорлари иштирокида матбуот конференцияси бўлиб ўтди. Қайд этиш лозимки, киножурналнинг 1 та тўплами «Санъат-маъно» студиясида тасвирга олинди.
«Зумраша» киножурналининг аксарият тўпламларини ишлаб чиқарган «5-студия» Ёшлар тажриба ижодий уюшмаси директори Иззатилла Саиджабборовнинг билдиришича, ижодий жараёндаги асосий муаммо яхши сенарий топиш бўлиб, айрим муаллифлар 20 тагача сенарий ёзиб келган-у, бадиий кенгаш бирортасини ҳам ўтказмаган ҳоллар бўлди. Лекин шунга қарамай, «Ўзбеккино» МА бадиий кенгашига келиб тушган 500 та сценарийдан 48 таси танлаб олинди ва улар асосида киножурнал сюжетлари тасвирга олинди.
«‘Зумраша’ болалар юмористик киножурналини ишлаб чиқариш мақсадида ‘Ўзбеккино’ Миллий агентлиги қошида тажрибали адиблар, кино усталаридан иборат ижодий гуруҳ тузилиб, оммавий ахборот воситаларида киножурналга мўлжалланган ихчам сюжетлар учун танлов эълон қилинди. Танловда кўплаб таниқли ижодкорлар, ёш муаллифлар фаол иштирок этишди. Улар тақдим этган асарлар белгиланган мезонлар асосида ўрганиб чиқилиб, энг яхши намуналари саралаб олинди», ─ «Ўзбеккино» МА Бадиий, мултипликацион фильмлар сенарийларини тайёрлаш ва тематик режалаштириш бўлиши бош муҳаррири Ғафур Эшмуродов.
Унинг фикрича, киножурналини ишлаб чиқариш жараёнида йигирмага яқин ёш режиссёр, оператор ва сенарийнавис фаол иштирок этди. Музаффар Қорабоев, Ҳабибулла Ҳасанов, Баҳодир Мусаев, Бернар Назармуҳамедов, Сарвар Исаев, Баҳром Шаропов ва бошқа бир қанча навқирон киноижодкорлар яратган қувноқ лавҳаларда жажжи болаларнинг беғубор характери, орзу-умидлари, дунёни англашга бўлган интилиши табиий ва ишонарли акс эттирилгани эътиборга лойиқ.
«5-студия» Ёшлар тажриба ижодий уюшмаси бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиэв киножурнални яратишда ўзининг болалар билан ишлаш тажрибаси қўл келганини, улар билан тил топилса, катталардан ҳам яхшироқ рол ўйнаб беришини ва «Зумраша» сюжетларини тасвирга олишда бунга яна бир карра амин бўлганини таъкидлади.
Ўзбекистон Киноарбоблар бирлашмаси раиси ўринбосари Баҳодир Одиловнинг таъкидлашича, киножурнални ишлаб чиқариш ишлари келгуси йилда ҳам мунтазам давом эттирилади. Айни пайтда бу жараёнга ижодкорлар ва иқтидорли ёшларни янада кенгроқ жалб этиш чоралари ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)