Янги йил байрамини кўтаринки кайфиятда, катта шодиёна билан нишонлашга Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
«Кимёгарлар» маданият саройи майдони, Алишер Навоий номидаги боғ ҳудуди ҳамда шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойларида бунёд этилаётган «Эртаклар шаҳарчаси»да Янги йил байрами томошалари 27 декабрь кунидан бошланади. Тадбир доирасида турфа ўйинчоқлар, совғалар, китоблар, ўқув қуролларининг кўргазма-ярмаркаси ташкил этилмоқда.
«Байрамда болажонлар эътиборига театрлаштирилган томошалар, цирк, ёш ижрочилар иштирокидаги концерт ва мусиқий дастурлар ҳавола этилади, — деди Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Малоҳат Эгамназарова. — Ўқувчилар учун турли қизиқарли викториналар, интеллектуал беллашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган».
Шу кунларда шаҳардаги савдо мажмуалари, корхона ва ташкилотлар атрофи, кўча ва йўл четларидаги арчалар байрамона ясатилмоқда. Дарахтлар ва биноларга ранг-баранг чироқлар ўрнатилмоқда.
Маҳалла ва бозорлар ҳудудида ташкил этилаётган байрам ярмаркаларида турли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари арзон нархларда сотилмоқда.
Байрам сайли тарзида ўтказиладиган Янги йил шодиёналари Тошкент вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларида, маданият ва истироҳат боғлари, майдон ва хиёбонларда ҳам ташкил этилмоқда. Мазкур жараёнда эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Изоҳ (0)