Ўзбекистоннинг фаол фермерларидан бири, Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги фермер хўжалиги бошлиғи, Ўзбекистон Қаҳрамони Комилжон Мамажонов вафот этди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
К. Мамажонов 1939 йили Тошлоқ туманида туғилди. Меҳнат фаолиятини дастлаб Тошлоқ туманидаги жамоа хўжалиги ишчиси вазифасидан бошлаб, кейинчалик Тошлоқ тумани жамоа хўжалиги механизатори, бригада бошлиғи вазифаларида меҳнат қилди. 2003 йилдан фермер хўжалиги бошлиғи сифатида самарали фаолият олиб борди.
К. Мамажонов ўзининг қарийб 60 йиллик фаолияти мобайнида пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилди. Айниқса, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш ишига муносиб ҳисса қўшди. Қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, дала меҳнаткашларининг ўз меҳнатидан манфаатдорлигини ошириш, турмуш шароитини яхшилаш борасида ўзининг моҳир ташкилотчи, ташаббускор раҳбар сифатидаги фазилатларини намоён этди.
Жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб, Тошлоқ туманидаги қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, ёшларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, қишлоқ хўжалиги соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш ишларида ҳам ташаббус кўрсатди.
Унинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. К. Мамажонов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор» фахрий унвони ва «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан мукофотланган эди.
Моҳир қишлоқ хўжалиги ходими, камтарин ва меҳнаткаш инсон Комилжон Мамажоновнинг хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади.
I. Каримов, I. Собиров, Д. Тошмуҳамедова, Ш. Мирзиёев, Ш. Ғаниев
Изоҳ (0)