Ер сайёрасини ультрабинафша нурларидан ҳимоя қиладиган озон қатлами «тикланишнинг илк белгиларини намоён қилмоқда», деб қайд этилди Бутунжаҳон метеорология ташкилоти ва БМТнинг атроф-муҳит бўйича Дастури томонидан Женевада эълон қилинган баёнотда. Бу ҳақда ТАСС ахборотига таяниб, «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Дунёнинг 36 мамлакатидан 300 га яқин олим иштирок этган тадқиқотда атмосферага ажратилаётган чиқиндиларни камайтириш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан кўрилаётган чоралар ўз натижасини бераётгани аниқланди.
Мутахассисларнинг башоратига кўра, ҳаракатлар шу тарзда олиб борилса, жорий асрнинг ўрталарига келиб, озон қатлами «ҳисоб бошланиш нуқтаси» деб олинган 1980 йилдаги даражага етади. 1980 йилдан кейинги даврда озон консентрацияси атмосферада тез суръатларда камая бошлаган эди.
Олимларнинг қайд этишича, одамзотнинг озонга зарар етказувчи маҳсулотлардан фойдаланишини тўхтатиш орқали мазкур ҳимоя қатлами тикланишини 11 йилга тезлаштириш мумкин. Тахминларга кўра, 1987 йил қабул қилинган Монреаль баённомасидаги чоралар жаҳон ҳамжамияти томонидан амалга оширилса, озоннинг тикланиши XXI асрда ҳам давом этади.
Изоҳ (0)