Осиё қитъасининг энг йирик мусобақаси — Осиё кубоги бошланишига 3 ҳафта вақт қолди. Турнир бошланишига кўп вақт қолмаган бир вақтда жуда кўплаб терма жамоалар бош мураббийларни алмаштириб юборишди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Япония ва Жанубий Корея терма жамоалари ЖЧ-2014дан кейин янги бош мураббийга эга бўлишди. Мексикалик Хавер Агирре Япония термасида Алберто Заккеронининг ўрнини эгаллаган бўлса, кореяликлар Хон Мён Бони истеъфога чиқариб, германиялик Ули Штиликега ишонч билдиришди.
Ғарбий Осиёдаги вазият эса янада кескинроқ тус олди. Ўтган ойда бўлиб ўтган Форс кўрфази кубогидан кейин бирданига 5 та терма жамоа бош мураббийни истеъфога чиқарди. Қувайт, Ироқ, Саудия Арабистони ва Баҳрайн Осиё кубог и− 2015’га янги мураббий билан ташриф буюришади.
Баҳрайн бош мураббийи жуда қисқа вақт фаолият олиб борди. Осиёнинг энг тажрибали мураббийларидан бири ҳисобланган Аднан Ҳамад август ойида Баҳрайн бош мураббийи этиб тайинланганди. Ироқлик мутахассис ушбу мамлакатда 3 ойдан сал ошиқроқ ишлади холос. Баҳрайн Кўрфаз кубогида гуруҳдан чиқа олмади.
«Албатта, мураббийни алмаштириш идеал қарор эмас. Жамоани шакллантириш учун вақт жуда кам», − деди англиялик мураббий Энтони Хадсон. У Аднан Ҳамаддан сўнг Баҳрайнни қабул қилиб олди.
Қувайт Форс кўрфази кубогини жуда яхши бошлаганди (битта ғалаба, битта дуранг), аммо учинчи турда Уммонга 0:5 ҳисобида ютқазиб қўйди ва гуруҳдан чиқа олмади. Натижада бразилиялик мураббий Жорван Виейра истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига тунислик Набил Маълул тайинланди.
«Осиё кубогидаги бизнинг гуруҳ жуда оғир. Шунга қарамай, биз унда яхши натижа қайд этишни истаймиз. Биз Осиё кубогига шунчаки иштирок этиш учун бораётганимиз йўқ», - дейди Маълул.
Саудия Арабистони сўнгги марта қитъа чемпионлигини 1996 йилда қўлга киритган. Шундан бери бу мамлакат термасида 20 дан ортиқ мураббий ишлади. Испаниялик мураббий Хаун Лопес Каро икки йил давомида ишлади. Аммо ўз уйида бўлиб ўтган Форс кўрфази кубоги финалида Қатарга ютқазиб қўйганидан кейин унинг фаолияти ҳам якунига етди. БААнинг «Ал-Аҳли» клуби бош мураббийи Козмин Олариу душанба куни Саудия Арабистони терма жамоаси бош мураббий этиб тайинлагани ҳақида маълумот берилди.
Ироқ ҳам Кўрфаз кубогидан (гуруҳда сўнгги ўрин) кейин Ҳаким Шокирни ишдан бўшатди. Унинг ўрнини Себастян Лазарони эгаллади. Бразилиялик мутахассиснинг сўнгги иш жойи «Қатар» СК бўлганди.
Шимолий Корея терма жамоаси ҳам мураббий масаласида муаммоларга дуч келмоқда. Юн Чжунг Су Инчеонда бўлиб ўтган Осиё ўйинларининг финал баҳсида ҳакамни ҳақорат қилгани боис бир йилга дисквалификация қилинди. У Осиё кубоги пайтида стадионга кириши мумкин эмас, фақат машғулот жараёнида иштирок этиши мумкин.
Австралия терма жамоаси ҳам янги бош мураббий Анге Постекоглуга мослашиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Австралиялик мутахассис ўтган йилнинг октябр ойида ўз мамлакати терма жамоасини қабул қилиб олганди. «Соккеруз» ЖЧ-2014да барча ўйинларда мағлуб бўлди. Улар Постекоглу қўлостида ўтказган сўнгги 10 та ўйиннинг 1 тасида ғалаба қозонишди, холос.
Ҳозирча Қатар терма жамоаси энг яхши формада эканини намойиш қилмоқда. Улар Кўрфаз кубогида ғолиб чиқишди, Ўзбекистон ва Австралияга қарши ўртоқлик ўйинларида ғалаба қозонишди.
«Мақсадларимиз буюк. Осиё кубоги олдимиздаги узоқ муддатли лойиҳада янги қадам бўлади. Ҳар бир мусобақа муҳим аҳамиятга эга. Олдимизга қўйилган вазифани бажариш учун бор кучимизни берамиз», − дейди Қатар бош мураббийи Жамол Белмадий.
Изоҳ (0)