Халқ таълими вазирлиги томонидан «Соғлом бола йили» Давлат дастурига асосан мактабгача таълим муассасалари (МТМ)га қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлашга мўлжаллаб чоп этилган беш номдаги («Нутқ ўстириш, ўқиш ва саводга тайёргарлик», «Математик тасаввурларни шакллантириш», «Шеърий асарлар тўплами», «Насрий асарлар тўплами», «Соғ танда — соғлом ақл») қўлланмаларнинг жойларга етказилиши ва улардан оилаларнинг фойдаланишини таъминлаш тартиби тасдиқланди, деб хабар берилди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида.
«Мазкур тартиб беш номдаги рангли, суратли китобларни манзилли рўйхат асосида босқичма-босқич жойларга етказишни кўзда тутади. Унга кўра, жараён қуйидагича амалга оширилади. Аввало, Республика ‘Таълимтаъминот’ унитар корхонаси қўлланмаларни нашриётдан қабул қилиб олгач, уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхоналарига етиб боришини таъминлайди.
Китоблар ташкилотлар орқали тақсимотга асосан умумтаълим мактаблари кутубхонасига етказилади. Уларни тарқатиш юзасидан туман(шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг буйруғи чиқарилиб, масъуллар тайинлангач, қўлланмалар ота-оналарга берилади», — деди Халқ таълими вазирлигининг мактабгача таълим муассасалари бўлими бошлиғи Сабоҳат Миржалилова.
Сабоҳат Миржалилованинг маълум қилишича, қўлланмалардан унумли фойдаланишни аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, МТМ тарбиячилари ва бошқа масъулларнинг оилаларда тушунтириш ишларини олиб боришини ташкил этиш мақсадида 10 минг тўплам қўлланма Ўзбекистондаги мавжуд 4950 та МТМ (ҳар бирига икки тўпламдан), ҳудудий малака ошириш институтлари (ҳар бирига беш тўпламдан), Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари (ҳар бирига бир тўпламдан), Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув-методика марказига (16 тўплам) берилган.
Қайд этилишича, шу кунгача бу босқичдаги барча ишлар якунланган.
Беш номдаги китоблар фақат МТМга қамраб олинмаган 5-6 ёшли фарзандлари бор оилаларга тақдим этилади. Ота-оналар китобни олгач, ҳақиқатан ҳам, китоб берилгани, фарзандлари 1-синфга борганда китобни мактаб кутубхонасига қайтариши тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекади. Ҳар бир ота-она фарзанди билан бир йил давомида қўлланмалар асосида шуғулланади. Юқорида қайд этилганидек, фарзанди 1-синфга қабул қилингач, китобларни мактаб кутубхонасига қайтаради.
Китоблардан тўғри фойдаланиш бўйича ота-оналарга йўл-йўриқ кўрсатиш борасида ҳам муайян вазифалар белгиланган. Жумладан, туман(шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари методистлари, мактабгача таълим муассасалари педагоглари ўз ҳудудларидаги 5-6 ёшли фарзандлари мактабгача таълим муассасасига қамраб олинмаган оилаларга беш номдаги қўлланмалардан фойдаланиш юзасидан маслаҳатлар беряпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ беш номдаги мазкур китоблар 436 130 нафар оилага бепул тарқатилаётгани хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)