2014 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойишига мувофиқ «Кексаларни эъзозлаш йили» давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича республика Комиссияси ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг матбуот хизмати.
Давлат раҳбари томонидан «кекса авлод вакилларининг ҳаётига дахлдор бўлган, ҳали-бери ечилмаган муаммоларни ҳал қилиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш» дастурнинг асосий мақсади сифатида белгилаб берилди.
Фармойишда қонунчилик, пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, ёшга оид касалликлар, жумладан, кўриш ва эшитишнинг заифлашуви каби касалликлар профилактикаси ҳамда кекса авлод вакилларини соғломлаштириш тадбирларини янада такомиллаштириш каби кенг миқёсдаги масалалар қаторида, кексалар учун қулайлик туғдирувчи, шу жумладан, уларнинг турли хил маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатларни олишларида барча қулайликларга эга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини шакиллантириш, кўриш, эшитиш ва ҳаракатланишида муаммоси бор инсонларни реабилитациянинг техник ва бошқа ёрдамчи воситалари билан таъминлаш каби тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бир қаторда, Дастурни шакллантиришда кекса авлод вакилларининг ҳар бир ёш тоифасининг индивидуал эҳтиёжларига ҳам эътибор қаратилади: Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таснифига кўра, 60 ёшдан 74 ёшгача бўлган аҳоли — кексалар, 75 ёшдан 89 ёшгача бўлган аҳоли — қариялар, 90 ва ундан ортиқ ёшдагилар узоқ умр кўрувчилар ҳисобланади.
Кекса авлод вакилларининг мароқли ҳордиғини ташкил этиш масалалари ҳам муҳим ўрин тутишини инобатга олган ҳолда уларнинг қизиқишига мос кўрсатувлар, спектакллар ва фильмлар намойишини кўпайтириш, янги кўнгилочар ва маданий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Дастурда кекса авлод вакилларини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишига етарли шарт-шароитлар яратиш, уларга мос сайёҳлик хизматларининг тури ва шаклини кенгайтириш ҳам кўзда тутилмоқда.
Ҳозирги кунда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан давлат дастури доирасида кўзда тутилаётган тадбирларни молиявий манбаларига аниқлик киритилган ҳолда таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Дастур лойиҳаси кекса авлод билан яқин ҳамкорликда, жамоат ташкилотлари кўмагида ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон «Ногиронлар» жамияти, ЎзННТМА ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари Дастур лойиҳасини тайёрлашда фаол иштирок этмоқда.
Ҳозирги кунда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан Ўзбекистонда фаолият юритаётган корхоналар негизида ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган реабилитациянинг техник ва ёрдамчи воситалари ҳамда алоқа воситалари, санитария-гигиена маҳсулотлари (ногиронлар аравачалари, эшитиш ва ҳаракатланиш мосламалари, кўзи ожизлар учун ҳасса ҳамда ёзув жиҳозлари, ҳожатхона ва ювиниш хоналари учун махсус курси ва стуллар, кўчма пандуслар, махсус кўтариш мосламалари ва ҳ.к) рўйхати тузилмоқда. Шунингдек, вазирлик томонидан ёлғиз кексалар учун кўрсатиладиган моддий ёрдам (жумладан, ҳар ой бериладиган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар) турини кенгайтириш ва сифатини ошириш, ўта оғир касаликка чалинган ва прогнози нохуш беморларга махсус паллиатив (хоспис) хизмати кўрсатиш бўлимларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)