Тез орада Тошкентда Лондон, Нью-Йорк, Париж каби шаҳарлар услубида Ўзбекистон пойтахти бўйлаб автобус саёҳатлари ташкил этилади. Тегишли эълон акс этган суратни Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳи аъзоларидан бири жойлаштирган.
Қайд этилишича, Тошкентдаги 7 мажмуа зиёрати учун ташкиллаштириладиган ушбу автобус саёҳати учун чипталарни Aznur Travel компаниясининг бош офисида, «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг учинчи қаватида ҳамда ушбу йўналишдаги автобусларда харид қилиш мумкин. Чипталар 24 соатгача ишлатилиши мумкинлиги маълум қилинган.
Сурат остига изоҳ қолдирган фойдаланувчилардан бирининг сўзларига кўра, бундай автобус саёҳатларининг айнан қачондан бошланиши ҳозирча маълум эмас. Саёҳатлар нафақат хорижлик сайёҳлар, балки Тошкент ва бутун Ўзбекистон аҳолиси учун мўлжаллангани айтилган.
Фойдаланувчининг маълум қилишича, Aznur Travel компанияси томонидан ташкиллаштириладиган автобус саёҳати чипталарининг нархи хорижлик сайёҳлар учун 20 доллар, Ўзбекистон фуқаролари учун 25 минг сўмни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, 15 декабрь куни Twitter фойдаланувчилари Тошкентда икки қаватли автобуслар ҳаракатланаётганини қайд этгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)