Пуэрто-риколик супер оғир вазн тоифали боксчи Фрес Окендо июль ойида ўзбекистонлик Руслан Чагаевга қарши бўлиб ўтган жанг учун ваъда қилинган гонорарнинг тўланмаганлиги боис шоуни уюштирган Terek Box Event промоутерлик компаниясини судга бермоқчи, деб хабар беради «Sports.uz».
Фрес АҚШнинг Манхеттен шаҳридаги федерал судга даъво қилган. Эслатиб ўтамиз, Чагаев — Окендо жанги 6 июль куни ўтказилган бўлиб, деярли тенг суратлар остида кечган баҳс якунида очколар ҳисобида Руслан ғалаба қозонган.
«Мен суддан одилликни сўрайман. Бу одамлар менинг гонораримни беллашувга қадар турли баҳоналар билан бир миллион долларга тушириб юборди. Бундан ташқари, бўлиши керак бўлган реванш жангига мен жисмоний тарафлама тайёр эмаслигимда чиқишга мажбур қилишди. Ўшанда рақифам ва эндигина дунёга келган фарзандим касалхонада ётган эди. Энди улар 2 январга қадар менинг арзимга жавоб беришлари керак», — деди Фрес.
Бу каби ариза биринчиси эмас. Пуэрто-риколик боксчи аввал WBA чиқарган қарордан норози бўлганди. Кўкрак бези саратонини даволаш учун ишлатиладиган дори воситасидан фойдаланган деб топилиб, доппинг комиссияси уни олти ойга спортдан четлаштирганди.
Мана шу айбловдан келиб чиқиб, шоу ташкилотчилари куз фаслининг бошида боксчининг гонорарини хайрия ишларига сарфланишини эълон қилди.
Окендо эса буни инкор этиб, доппинг-тест умуман қоидага хилоф тарзда олинганини, тест натижасини билиш учун Америкага келганида, тақиқланган дори воситаларидан фойдаланмагани маълум бўлганини айтди.
Иккинчиси эса Чеченистон Республикаси президенти билан боғлиқ. Сабаби у ташкилий қонун-қоидаларни бузган ҳолда, раундлар оралиғида қўллаб-қувватлаш учун Чагаевнинг олдига келиб турган. Окендонинг фикрича, айнан президент якуний очколарни эълон қилишда ҳакамларга босим уюштирган.
Изоҳ (0)